+998 71 200-67-00 info@oouz.uz ул. Юсуфа Ражабий, д. 44, кв. 6, г. Ташкент
Общество оценщиков Республики Узбекистан

Баҳоловчилар малака имтиҳонларининг ташкилотчисини танлаб олиш учун танлов эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарори билан тасдиқланган “Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги (1-илова) Низом талаблари асосида баҳоловчи малака сертификатини олиш учун талабгорлар малака имтиҳонларидан ўтказилиши белгиланган.

Шунга кўра, республиканинг барча ҳудудларида экстерриториаллик тамойили асосида малака имтиҳони ўтказилишини ташкил этиш мақсадида, малака имтиҳонларини ташкил этувчи ихтисослаштирилган юридик шахсларни шартнома (аутсорсинг) асосида танлаб олиш юзасидан очиқ танлов эълон қилинади.

Имтиҳон ташкилотчисини танлаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, баҳолаш фаолияти соҳасидаги камида элликта баҳоловчи ташкилотнинг аъзолигига асосланган профессионал жамоат бирлашмаларидан таркиб топган идоралараро ишчи орган – Кенгаш қарорларига ҳамда “Баҳоловчилар малака имтиҳонларининг ташкилотчисини танлаб олиш учун танлов (аутсорсинг) ҳужжатлари тўғрисида”ги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Танлов иштирокчисига қўйилган талаблар билан қуйидаги хавола орқали танишишингиз мумкин.

Танловда иштирок этиш учун аризалар жорий йилнинг 25-майга қадар ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан имзоланган электрон шаклда sertifikatlash@davaktiv.uz электрон кабинетга ёки қоғоз кўринишда баҳолаш фаолияти соҳасидаги жамоат бирлашмаларидан таркиб топган идоралараро ишчи орган – Кенгаш котибига қуйидаги манзилга тақдим этишингиз мумкинлиги маълум қилинади.

Манзил: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги биноси, 100000, Тошкент шаҳар Амир Темур кўчаси 6-уй, боғланиш телефони: +99871 2592019, 259-22-87.

“Баҳоловчи ташкилотлар Ассоциацияси”

“Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти”

“Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти”

Танлов иштирокчисига қўйилган талаблар

БАҲОЛОВЧИЛАР МАЛАКА ИМТИҲОНЛАРИНИНГ ТАШКИЛОТЧИСИНИ ТАНЛАБ ОЛИШ ЮЗАСИДАН ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР

1. Умумий асосий тушунчалар:

талабгор – баҳоловчининг малака сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга талабгор бўлган ва малака имтиҳонида иштирок этиш учун белгиланган тартибда сўровномани тўлдирилган ва унга зарур ҳужжатларни илова қилган жисмоний шахс;

ваколатли давлат органи (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;

баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаси (бундан буён матнда жамоат бирлашма деб юритилади) – камида элликта баҳоловчи ташкилотнинг аъзолигига асосланган, баҳоловчиларнинг профессионал даражасини оширишга ва сақлаб туришга кўмаклашиш, уларнинг профессионал манфаатларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, судларда ҳимоя қилиш мақсадида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилоти;

Кенгаш – малака комиссияни тасдиқловчи ва унинг ишини белгиловчи, шунингдек баҳоловчиларнинг малака имтиҳонлари тизимини ташкил этиш, шу жумладан танлов ҳужжатларини тасдиқлаш ва имтиҳон ташкилотчисини танлаш билан боғлиқ ваколатларни амалга оширувчи, баҳолаш фаолияти соҳасидаги камида иккита жамоат бирлашмалардан таркиб топган идоралараро ишчи орган;

баҳоловчиларнинг малака комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) – Кенгаш томонидан тасдиқланадиган ва унинг ишчи органи ҳисобланадиган, жамоат бирлашмалар ва ваколатли орган вакилларидан иборат бўлган, малака имтиҳонини ўтказилишини ташкил этиб, имтиҳон натижаларини тасдиқлайдиган ва шикоят аризаларини кўриб чиқадиган ҳамда имтиҳонлар натижаларини имтиҳон ташкилотчисидан оладиган Комиссия;

буюртмачи – баҳоловчиларнинг малака имтиҳонларини ташкил этиш бўйича хизматлар буюртмачиси ҳисобланадиган Кенгаш;

буюртмачининг котиби (бундан буён матнда Котиб деб юритилади) –Комиссия Котиби вазифаларини бажарувчи, танлов ўтказиш, малака имтиҳонлар ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш шартнома (бундан буён матнда Шартнома деб юритилади) тузиш ва унинг бажарилиши масалалари бўйича алоқа қилувчи, тартиб-таомилларни ташкилий жиҳатдан ва ҳужжатлар билан таъминлайдиган, овоз ҳуқуқисиз ҳаракат қилувчи шахс;

буюртма – танлов иштирокчининг танловда иштирок этиш учун ушбу Низом ва танлов ҳужжатларининг талабларига мувофиқ расмийлаштирилган, ваколатли шахс томонидан имзоланган, таклиф этилаётган хизматларнинг техник тавсифи ва нарх борасидаги таклифни ўз ичига олган ҳужжатлари ва маълумотлари тўплами;

имтиҳон ташкилотчиси – Кенгаш қарори асосида аутсорсинг ўтказиш бўйича очиқ танлов натижаларига кўра тайинланадиган, баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун ариза берган шахсларни компьютерда топшириладиган тест синовларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган нодавлат юридик шахс ва/ёки жамоат бирлашма томонидан имтиҳон ўтказиш учун ташкил этилган буюртмачи билан тузилган Шартномага кўра талабгорлар малака имтиҳонларининг ўтказилишини ташкил этувчи ва уни техник жиҳатдан таъминловчи имтиҳон марказлари;

танлов иштирокчиси – белгиланган тартибда имтиҳон ташкилотчисини танлаш бўйича танловда иштирок этиш учун буюртма берган юридик шахс;

танлов ғолиби – буюртмаси баҳолаш якунларига кўра белгиланган мезонларга мувофиқ энг яхши деб топилган ва ўзи билан Шартнома тузилаётган танлов иштирокчи;

ижрочи – танлов ғолиби деб эътироф этилиб, буюртмачи билан баҳоловчиларнинг малака имтиҳонларини ташкил этиш ва техник жиҳатдан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун Шартнома тузган танлов иштирокчи.

2. Ҳуқуқий асос ва умумий шартлар

2. Имтиҳон ташкилотчисини танлаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, Кенгаш қарорларига ва Кенгаш томонидан тасдиқланган “Баҳоловчилар малака имтиҳонларининг ташкилотчисини танлаб олиш учун танлов (аутсорсинг) ҳужжатлари тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

3. Буюртмачи ва танлов иштирокчилари ўртасидаги, шунингдек, буюртмачи ва ғолиб/ижрочи ўртасидаги барча расмий ёзишмалар, тушунтиришлар тўғрисидаги сўровлар ва материалларнинг узатилиши фақат Котиб орқали амалга оширилади. Барча ҳужжатлар Котибга юборилади ва Котибдан чиқади. Кенгаш ва Комиссия аъзоларига танлов масалалари бўйича тўғридан-тўғри мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

4. Шартнома бўйича хизматлар кўрсатиш муддати ижрочи ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган тақдирда тарафларнинг келишувига кўра узайтириш ҳуқуқи билан йигирма тўрт ойни ташкил этади.

5. Талабгорларнинг малака имтиҳонларини ташкил этиш ва техник жиҳатдан таъминлаш, шу жумладан имтиҳонларни ситуацион ва ҳисоб-китоб топшириқларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш, молиявий ҳисоб-китоблар учун хавфсиз дастурий калькуляторни, узлуксиз аудио ва видео ёзувни, имтиҳон материалларининг бут сақланишини ҳамда натижаларнинг Комиссия ва Котибга топширилишини таъминлаш бўйича хизматлар харид предмети ҳисобланади.

6. Агар қонун хужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловларни чегириб ташланган ҳолда молиявий ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

7. Хариднинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида (экстерриториал тамойил асосида) баҳоловчилар малака имтиҳонларининг ишончли, хавфсиз ва бир ҳилда ўтказилишини таъминлашдан иборат.

3. Танлов иштирокчига қўйиладиган талаблар

8. Тугатиш ёки банкротлик босқичида бўлмаган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаган юридик шахс танлов иштирокчиси бўлиши мумкин, бу танлов ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар билан тасдиқланади.

9. Танлов иштирокчи компьютерда топшириладиган оммавий тест синовларини ўтказиш бўйича камида бир йиллик тасдиқланган тажрибага эга бўлиши керак.

10. Танлов иштирокчининг моддий-техник базаси қуйидаги минимал талабларга жавоб бериши лозим:

Шартнома имзоланган пайтдан бошлаб бир йил давомида Республиканинг барча ҳудудларида экстерриториаллик тамойили асосида тест синовларини ўтказиш учун ҳар бири камида бештадан автоматлаштирилган иш ўрнига эга бўлган камида 14 та имтиҳон майдончасини таъминлаш;

имтиҳон ўтказиладиган аудиторияларда аниқ-тиниқ аудио ва видеоёзувни таъминлайдиган юқори аниқликдаги камералар ва микрофонларнинг мавжудлиги;

имтиҳон ўтказиладиган аудиториядан ташқари талабгорлар учун барча шароитларга эга кутиш хоналари ва алоҳида консультация ўтиш хоналари мавжудлиги;

барқарор электр таъминоти ва захира таъминот манбаларининг мавжудлиги;

маълумотларни узатиш тармоғидан барқарор фойдаланишни таъминлаш;

техник носозликлар юзага келганда захира ечимларнинг мавжудлиги;

масофадан туриб кузатиш техник воситаларининг, шу жумладан талабгорнинг иш жойини кўрсатиб турувчи иккинчи камерани улаш имкониятининг мавжудлиги.

11. Танлов иштирокчининг дастурий воситалари қуйидагиларни таъминлаши лозим:

нусха олиш, чоп этиш ва суратга олишни тақиқлашни, саволлар ва жавоблар вариантларининг тасодифий шакллантирилишини, вақтнинг ва талабгор ҳаракатларининг қайд этилишини ўз ичига олган ҳимояланган тест синови режими;

жавобларни автоматик сақлаш ва тугалланмаган имтиҳон кўрсаткичларини тиклаш имконияти, ҳодисаларни батафсил ёритиш дафтарларини юритиш;

молиявий ҳисоб-китоблар учун тармоққа кирмасдан ишлайдиган, фойдаланиладиган функцияларни (шу жумладан соф жорий қиймат, даромадлиликнинг ички меъёри, аннуитет тўловлари, капиталлаштириш коэффициентлари ҳисоб-китобларини) қайд этувчи ўрнатилган дастурий калькуляторнинг мавжудлиги;

белгиланган аниқликдаги сонли жавобли топшириқларни, шунингдек, бир нечта ўзаро боғлиқ саволлардан иборат бирлаштирилган топшириқларни қўллаб-қувватлаш;

талабгор томонидан асословчи файлларни (ҳисоб-китоб жадваллари, расмлар ва бошқа материалларни) уларни имтиҳон топшириш билан боғлиқ маълумотлари билан бирга сақлаган ҳолда бириктириш имконияти;

Комиссия учун ҳисоботларни белгиланган форматларда шакллантириш.

12. Ижрочи буюртмачи билан ҳамкорлик қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган шахсни тайинлаши шарт. Ижрочи ҳар бир имтиҳон майдончасида майдонча техник мутахассис ва имтиҳон назоратчиларининг имтиҳонни узлуксиз кузатиш ва уни ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиш учун етарли миқдорда бўлишини таъминлайди.

13. Ижрочи томонидан имтиҳонларни ўтказишга жалб қилинадиган барча шахслар ўзбек ва рус тилларини билишлари, имтиҳонни ўтказиш бўйича йўл-йўриқ олишлари, шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги мажбуриятларни имзолашлари шарт.

14. Имтиҳон ўтказиладиган кунда ижрочининг ходимлари исм-шарифли бейжиклар бўйича идентификация қилинади, иштирок этиш дафтарини юритади, техник носозликларнинг тезда бартараф этилишини ва зарур ҳолларда Котибни зудлик билан хабардор қилган ҳолда маълумотларни йўқотмасдан имтиҳон натижаларини кўчирилишини таъминлайди.

15. Ижрочи қуйидагиларни таъминлаши шарт:

ахборот ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқларини чегаралаш;

маълумотларни сақлаш ва узатишни криптографик ҳимоялаш (шифрлаш);

рухсатсиз кириш ва аралашувдан ҳимоя қилиш;

имтиҳон маълумотлари ва талабгорларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлашни маҳаллийлаштириш.

16. Ижрочининг барча ходимлари ва у жалб қилган шахслар ишларни бажаришдан олдин махфийлик тўғрисидаги битимни имзолайдилар. Буюртмачидан олинган ва малака имтиҳонларини ўтказиш билан боғлиқ ҳар қандай ахборот (имтиҳон саволлари ва жавоблари, аудио ва видео ёзувлар, ҳодисаларни қайд этиш дафтарлари, ҳисоботлар, шахсга доир ва бошқа маълумотлар) конфиденциал ҳисобланади. Бундай маълумотларни учинчи шахсларга Шартноманинг амал қилиш даврида ҳам, у тугагандан сўнг ҳам бериш тақиқланади, қонунчиликда тўғридан-тўғри назарда тутилган ёки буюртмачининг ёзма розилиги билан амалга ошириладиган ҳолатлар бундан мустасно.

4. Малака имтиҳонлар ўтказиш хизматлар тавсифи (техник топшириқ)

17. Ижрочи малака имтиҳонларининг юзма-юз шаклда ўтказилишини ташкил этади ва бунда имтиҳон жараёнини доимий кузатиб бориб, уни аудио ва видеоёзувга олади ҳамда малака имтиҳонини ўтказиш жараёни видеотасвирини тўғридан-тўғри расмий веб сайтда ёки “youtube” платформасида кўрсатилишини ҳамда ушбу видеоёзувларни доимий кўриш имкониятини таъминлайди.

18. Ижрочи талабгорлар шахсининг идентификация қилинишини, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг текширилишини ва имтиҳон ўтказиш тартибига риоя этилишининг назорат қилинишини таъминлайди.

19. Ижрочи тегишли имтиҳон сессияси ўтказилган кундан бошлаб камида ўн икки ой давомида имтиҳон жараёнининг узлуксиз аудио ва видеоёзувини ҳамда ёзувларнинг сақланишини таъминлайди.

20. Ижрочи имтиҳонга қўйилган талабгорлар рўйхатини, жадвалларни, файл билан алмашиш материалларини, баённомаларни, ҳодисаларни қайд этиш дафтарларини, шунингдек, имтиҳон натижалари ва қайд этилган ҳодисалар тўғрисидаги йиғма ҳисоботларни тайёрлаб, Комиссияга тақдим этади.

21. Ижрочи қонунчилик ва Баҳоловчининг малака имтиҳонини ўтказиш тартибига мувофиқ ногиронлиги бўлган талабгорлар учун зарур қулайлик чораларини таъминлайди.

22. Ижрочи барча имтиҳон материаллари, шу жумладан талабгорлар томонидан бириктирилган файллар ва ҳисоб-китоблар қораламаларининг камида 5 йил давомида сақланишини таъминлайди.

23. Ижрочи тақдим этилган ҳуқуқлар ва техник имкониятлар доирасида, шу жумладан имтиҳон натижалари тўғрисидаги маълумотларни доимий назорат қилиш учун ваколатли орган билан имтиҳон дастурини буюртмачининг ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилишини таъминлайди.

24. Ижрочи техник носозликлар ва имтиҳон ўтказиш тартибининг бузилганлиги тўғрисида Котибни дарҳол хабардор қилиши, унинг сўровига кўра аудио ва видеоёзувларни, ҳодисаларни қайд этиш дафтарларини ва бошқа материалларни келишилган муддатларда тақдим этиши шарт.

5. Ҳамкорлик қилиш тартиби ва муддатлари

25. Буюртмачи ва танлов иштирокчилари ўртасидаги, шунингдек, буюртмачи ва ижрочи ўртасидаги ўзаро муносабатлар фақат Котиб орқали амалга оширилади. Барча кирувчи ва чиқувчи хатлар ва материаллар Котибга юборилади. Танлов ва Шартноманинг бажарилиши масалалари бўйича Кенгаш ва Комиссия аъзоларига тўғридан-тўғри мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

Котиб иш вақтининг икки соати мобайнида жўнатувчига мурожаат (хат, сўров, материал) олинганлигини тасдиқлайди ва зарурат бўлганда уни олувчига юборади.

26. Сўралган материаллар сўров қаратилган тараф томонидан Котиб орқали юборилади. Одатдаги материаллар сўров олинган пайтдан эътиборан кўпи билан йигирма тўрт соат ичида юборилади. Техник носозликлар тўғрисидаги хабарлар ижрочи томонидан воқеа юз берган пайтдан бошлаб бир соатдан кечиктирмай юборилади.

6. Буюртмаларни баҳолаш мезонлари ва тартиби

27. Буюртмаларни баҳолашни Кенгаш томонидан унинг аъзолари ва/ёки жамоат бирлашмалар ва ваколатли орган вакиллари орасидан тузилган танлов Комиссияси амалга оширади.

Танловга қўйилган ҳар бир буюртма 100 баллик шкала бўйича якуний балл олади, шу жумладан:

техник қисм учун – 65 баллгача;

нарх борасидаги таклиф учун – 35 баллгача.

28. Техник қисм бўйича баллар қуйидаги кичик бандлар бўйича ҳисобланади:

дастурий воситалар ва ҳисоблаш топшириқларини қўллаб-қувватлаш – 25 баллгача;

ахборотни муҳофаза қилиш – 15 баллгача;

интеграциялашув ва ҳисоботлар – 10 баллгача;

майдончаларнинг моддий-техника базаси ва географияси – 10 баллгача;

ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик – 5 баллгача.

Ушбу Низом ва танлов ҳужжатлари талабларига тўлиқ тасдиқланган мувофиқлик тегишли кичик банд бўйича энг юқори балл билан, қисман мувофиқлик – мувофиқлик даражасига мутаносиб равишда баҳоланади, тасдиқ мавжуд бўлмаган тақдирда 0 балл ҳисобланади.

29. Нарх учун балл қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

Нарх учун балл = 35 × (танловга қўйилган буюртмалар орасидаги энг паст нарх / ушбу танлов иштирокчининг нархи),

умумий қоидаларга кўра ўндан биргача яхлитланган ҳолда.

30. Нарх мезони бўйича баҳолашга фақат баҳоловчининг малака сертификатини олишга талабгор бўлган бир нафар талабгор учун хизмат қиймати ҳисоб-китоби асосида шакллантирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарори билан белгиланган йиғим миқдоридан ошмайдиган нарх таклифлари қўйилади. Талабгорлардан қўшимча тўловлар ундиришни ёки белгиланган йиғим миқдоридан юқори нархни назарда тутувчи таклифлар танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади;

31. Буюртмаларнинг якуний бали техник балл ва нарх учун балларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади. Танлов иштирокчиларнинг ўринлари якуний баллнинг камайишига қараб тақсимланади.

32. Якуний баллар тенг бўлиб қолганда техник балли юқорироқ бўлган буюртма устунликка эга бўлади; такрорий тенглик ҳолатида – нархи пастроқ бўлган буюртма устунликка эга бўлади.

33. Буюртмаларни баҳолаш натижалари танлов Комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилиб, Котиб томонидан танлов иштирокчиларга белгиланган тартибда юборилади. Кенгаш томонидан тасдиқланган Низом ва танлов ҳужжатларининг мажбурий талабларига мувофиқ бўлмаган буюртмалар уларни мезонлар бўйича баҳолаш ўтказилмасдан рад этилади.

7. Буюртманинг таркиби

34. Буюртма Котибга ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан имзоланган электрон шаклда, эълонда кўрсатилган электрон кабинетга/кўрсатилган манзилга ёхуд қоғозда эълонда кўрсатилган манзил бўйича юборилади. Буюртма Котибда рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан берилган ҳисобланади.

35. Буюртма ва унинг барча таркибий қисмлари танлов иштирокчининг раҳбари ёки ишончнома ёхуд ваколатни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида бошқа ваколатли шахс томонидан имзоланади.

36. Буюртма қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

танлов иштирокчининг бланкасидаги танловда иштирок этиш тўғрисидаги ариза;

танлов иштирокчининг таъсис ҳужжатлари ва унинг раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар;

таққосланадиган ишларни амалга ошириш тажрибасининг тасдиғи (контрактлар рўйхати, шартномалар ва бажарилган ишлар далолатномаларининг нусхалари, буюртмачиларнинг алоқа маълумотлари кўрсатилган фикр-мулоҳазалари);

дастурий ва техник воситалар тавсифи, шу жумладан ахборотни муҳофаза қилиш, ҳодисаларни қайд этиш дафтарини юритиш, дастурий калькуляторнинг ишлаши ва ҳисоботларни шакллантириш функциялари;

манзили ва фотосуратлари кўрсатилган (агар мавжуд бўлса), шунингдек, инфратузилмаси тавсифланган имтиҳон майдончаларининг рўйхати;

имтиҳонларни ўтказишда жалб қилинадиган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар (майдончалар координаторлари, техник мутахассислар, имтиҳон назоратчилари ва уларнинг йўл-йўриқ олганлигини тасдиғи);

расшифровка қилинган нарх таклифи, шу жумладан баҳоловчининг малака сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга талабгор бўлган бир нафар шахс учун малака имтиҳонини ташкил этиш ва техник жиҳатдан таъминлаш хизмати қиймати, имтиҳон назоратчиларининг ишига ҳақ тўлаш шартлари, мавжуд бўлган тақдирда бошқа харажатлар, ҳисоб-китоблар валютаси ва киритилган солиқлар кўрсатилган ҳолда. Бунда бир нафар талабгор учун таклиф этиладиган хизмат қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарори билан тасдиқланган “Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги Низомда малака имтиҳонида иштирок этиш учун белгиланган йиғим миқдоридан ошмаслиги лозим. Мазкур Низомда назарда тутилмаган қўшимча тўловларни талабгорлардан ундиришга йўл қўйилмайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида имтиҳонларни ўтказиш билан боғлиқ барча маълумотларнинг сақланиши тўғрисидаги кафолат хати.

37. Шартнома бўйича хизматлар қиймати бир нафар талабгор ҳисобидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарори билан тасдиқланган “Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги Низомда малака имтиҳонида иштирок этиш учун белгиланган йиғим миқдоридан ошмаслиги лозим. Ижрочи мазкур Низомда назарда тутилмаган қўшимча тўловларни талабгорлардан ундиришга ҳақли эмас.

8. Шартнома шартлари

38. Баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонини ташкил этиш ва уни техник жиҳатдан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш Шартномаси биргаликда тарафлар деб номланадиган буюртмачи ва ижрочи (очиқ танлов ғолиби) ўртасида тузилади. Шартнома муддати тарафларнинг келишувига кўра узайтириш ҳуқуқи билан беш йилни ташкил этади.

39. Шартномани бажариш сифатининг асосий кўрсаткичлари қуйидагилардан иборат:

дастурий воситалардан имтиҳонларнинг асоссиз узилишларсиз ўтказилишини таъминлайдиган даражада фойдаланиш имконияти;

материалларнинг Комиссияга ўз вақтида ва тўлиқ етказилиши;

аудио ва видеоёзувлар, ҳисоб-китоблар файллари ва қораламаларининг мазкур Низомда ва Шартномада белгиланган муддатларда сақланишини ва ваколатли органга доимий равишда тақдим этиб боришни таъминлаш;

дастурий калькуляторнинг тўғри ишлаши ва сонли жавобли топшириқларнинг тўғрилиги, маълумотларнинг бузиб кўрсатилмаслиги ва тартибга солинмаган аралашувларнинг йўқлиги.

40. Ижрочининг жавобгарлиги муддатлар ва сифат кўрсаткичларини бузганлик учун жарима санкцияларини қўллашни, буюртмачига етказилган зарарнинг қопланишини, махфий маълумотлар ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши учун жавобгарликни, шунингдек, Шартнома шартлари мунтазам равишда бузилган тақдирда буюртмачининг Шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқини назарда тутади.

41. Шартномани бажариш жараёнида шакллантирилган аудио ва видео ёзувлар, ҳодисаларни қайд этиш дафтарлари, ҳисоботлар ва бошқа материаллар буюртмачининг конфиденциал маълумотларига киради ва ижрочи томонидан ошкор қилинмайди, қонунчиликда тўғридан-тўғри назарда тутилган ёки буюртмачи билан ёзма равишда келишилган ҳоллар бундан мустасно.

42. Буюртмачи ижрочи томонидан Кенгаш томонидан тасдиқланган Низом талаблари ва Шартнома шартларига риоя этилишини аудитдан ўтказиш, шу жумладан имтиҳон майдончаларининг тайёрлигини, дастурий воситаларнинг ишлашини ва ахборотни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини текшириш ҳуқуқига эга.

43. Шартноманинг тузилиши, бажарилиши, ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши муносабати билан тарафлар ўртасида юзага келадиган низолар, агар тарафлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқача ҳолатни келишиб олишмаган бўлса, буюртмачининг жойлашган жойи бўйича суд тартибида ҳал этилади.

Баҳоловчилар малака имтиҳонларининг ташкилотчисини танлаб олиш юзасидан техник топшириқ

Распечатать страницу